Президентнинг «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорини (24.02.2020 йилдаги ПҚ-4611-сон) амалга ошириш мақсадида «Норма» ПРМ Молия вазирлиги билан тузилган шартномага кўра ifrs.academy ўқув платформасида ўзбек ва рус тилларида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» бепул онлайн-курсларини ташкил этади.
Курс қуйидагиларни ўз ичига олади:
- вебинарлар шаклида ўтказиладиган 140 академик соатлик онлайн маърузалар ва маслаҳатлар;
- жорий, оралиқ ва якуний назорат (тестлар шаклида);
- 2025 йил охиригача ifrs.academy онлайн-платформасига эркин кириш, унда ёзиб олинган вебинарлар, ўқув материаллари, тестлар ва топшириқлар жойлаштирилади.
Диққат!
«Молиявий ҳисобот» курси – МҲХСни ўрганишнинг иккинчи босқичидир. Шу сабабли «МҲХС асослари» курсини тугатган ёки аудитор, ички аудитор, солиқ маслаҳатчиси, халқаро профессионал ташкилот сертификатларига, ёки «IFRS Fundamentals» (IPFM) дипломига эга бўлган шахсларгагина унда ўқиш имконияти берилади.
Тақдимот машғулоти ifrs.academy платформасида таълим олиш қоидалари билан танишиш ва қуйидагиларни билиб олиш имконини беради:
- «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» курсининг таркиби, у кимларга мўлжалланган ва ундан ўтиш учун нималар зарур;
- ifrs.academy платформасида бепул ўқиш учун нима қилиш керак;
- таълим жараёни қандай ўтади;
- курсни муваффақиятли тугатганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни кимлар олади.
Тақдимот дарси қуйидагиларга фойдали бўлади:
- талабалар, магистрантлар, ўқитувчиларга;
- молиявий менежерлар, бухгалтерларга;
- МҲХСни билиши шарт бўлган давлат хизматчиларига;
- молия соҳасида мансаб поғонасидан кўтарилиш ва профессионал жиҳатдан ўсишни истаган барчага.